ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. От эгасининг дафн маросимида инсон каби кўз ёш тўкди, деб хабар қилган "Даракчи" нашри.
Ҳайвонлар инсоннинг яқин дўстига айланиши ҳаётда кўплаб учрайдиган ҳодисадир, деб ёзади нашр.
Масалан, бразилиялик Вагнер Фигуэредо де Лима 10 йилдан бери Серено номли от билан яқин, иноқ дўстга айланган эди. Аммо бешафқат ўлим уларни ажрашишга мажбур қилди. Вагнер автоҳалокат туфайли оламдан ўтди.
Вагнернинг акаси Вандо укаси учун Серено қанчалик катта аҳамиятга эгалигини билгани туфайли отни дафн маросимига олиб келди. От дафн маросимида худди йиғлаётгандай, ғалати овоз чиқарди.
"Серено нима воқеа юз берганини тушунгандай, Вагнер билан видолашишни истади”, деди марҳумнинг акаси. Гувоҳлардан бири от тобут ёнига келиб, уни ҳидлаганини, кейин бошини баланд кўтариб, соғинч билан кишнаганини айтди.
Отнинг бу ҳолатини кўрган дафн маросими иштирокчилари кўзларига ёш олишди.
Қабристонга етиб боргунга қадар Серено йўл давомида туёқларини ерга уриб, йиғлаб борган. Кейин эгасинининг сўнгги манзилида бош эгиб, у билан абадий хайрлашган.