ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Россиялик театр ва кино актёри Марат Башаров бугунги давр мусулмонлари ҳақидаги "Йўқолган васият" деб номланган театр томошасида бош роллардан бирини ижро этади ва у журналистларга ўз дини билан фахрланишини билдирди.
Башаров ўзининг диндош ҳамкасбларига эътиқодларида собит туришларини тилади ва ўз динларидан ҳеч қачон уялмасликлари кераклигини айтди.
"Мусулмон эканлигингнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Аксинча, бу билан фахрланиш лозим. Мен мусулмон эканлигимдан, татар эканлигимдан ҳар доим фахрланганман, фахрланмоқдаман ва бундан кейин ҳам фахрланаман", — деди Башаров Sputnik Тожикистонга берган интервьюсида.
У икки йилдан буён Россия ва Москва мусулмонлар идораси ҳамда Россия муфтийлар кенгаши билан ҳамкорлик қилиб келади.
"Йўқолган васият" саҳналаштирилган томошасининг премьераси 29 январь куни Москвадаги "Крокус Сити Холл" концерт залида бўлиб ўтади.