ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Мадридда FITUR халқаро туризм кўргазмаси 37-маротаба иш бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда. Ушбу халқаро кўргазма туризм соҳасидаги дунёнинг энг йирик тадбирларидан саналиб, Испания қироллиги ҳукумати ва Мадрид шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон туризм ташкилотининг алоҳида кўмаги билан ташкил этилади.
Кеча Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шарапов бошчилигидаги делегация кўргазманинг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Кўргазманинг биринчи куни якунларига кўра, А.Шарапов Испания энергетика ва туризм вазирлигининг туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи ҳамда "World Tourism City Federation" федерацияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
А.Шарапов шунингдек, Озарбайжон маданият ва туризм вазири А.Караев билан музокара ўтказди. Музокарада икки томонлама ҳамкорлик ва "Ипак йўли" брендини танитишда биргаликда тадбирлар ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Кўргазманинг иккинчи кунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг қатор халқаро компаниялар раҳбарлари билан учрашуви, испан ва ўзбек туроператорларининг В2В шаклидаги учрашувлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.