ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Россия Ҳарбий Космик кучлари ва Туркия Ҳарбий Ҳаво кучлари "Ислом давлати" террорчилик уюшмасига қарши ҳамкорликдаги илк ҳаво операциясини амалга оширмоқда, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Нашр хабарига кўра, бу ҳақда бўлиб ўтган брифинг чоғида Россия Ҳаво кучлари Бош штаби оператив бошқармаси раҳбари генерал-лейтенант Сергей Рудской хабар қилган.
Сурия томон билан мувофиқлаштирилган операция Ал-Баб аҳоли пункти яқинида ўтказилмоқда. Ҳаво операциясида Россия ҲККнинг тўққизта зарба берувчи самолётлари — яъни тўртта Су-24М, тўртта Су-25 ва битта Су-34 бомбардимончи самолёти, ҳамда Туркиянинг саккизта — (тўртта F-16 ва тўртта F-4) самолётлари қатнашмоқда.
Рудской бу самолётлар 36та объект бўйича зарба беришаётганини маълум қилган. "Зарбаларнинг барчаси иккала мамлакат Бош штаблари ва авиация гуруҳлари линиялари бўйича олдиндан келишиб олинган", — деган Рудской.
Генерал-лейтенантнинг сўзларига кўра, операциянинг илк натижалари Россия ва Туркия гуруҳлари ўзаро ҳаракатлари юқори самара бераётганини намойиш қилган.