ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Охирги кунларда Ўзбекистонда кучли туман кузатилмоқда. Кучли туман нафақат эрталаб ёки кечқурун, балким кун узун давом этмоқда, деб ёзади Podrobno.uz саҳифаси.
Ўзгидрометеорология маркази хабарига кўра, туман пайдо бўлишининг асосий сабаби Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво оқимининг келиши бўлмоқда. Марказ хабарига кўра туман яна бир неча кун давом этади.
"Ўрта Осиё ҳудудида туман йилнинг совуқ мавсумида, ноябрдан апрелгача кузатилади. Декабр-январ ойларида туман тез-тез бўлиб туради. Туман пайдо бўлишининг асосий сабаби — совуқ ҳаво оқимининг илиқ ва ёғингарчилик билан намланган ер устига секин оқиб келиши. Туман асосан эрталаб, кечқурун ва тунда кузатилади. Қуёш чиқиб ҳаво ҳарорати бироз илиганидан кейин туман тарқалиб кетади", — деди Ўзгидрометеорология маркази ходими Наталья Кучерова Podrobno.uz мухбирига.
Туман автомобил ва бошқа транспорт ҳайдовчиларига ноқулайликлар туғдириши мумкин бўлса-да, лекин унинг фойдали хусусиятлари ҳам бор. Масалан, туман, ердан чиқаётган иссиқликни ўзида ушлаб туриб, ўсимликларни кескин совуқдан сақлайди.