ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. 2016 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ҳукумати Россия нефтини "Омск-Павлодар-Чимкент-Зафаробод" нефть қувури орқали экспорт божхона тўловларисиз етказиб бериш бўйича Россия ҳукуматига мурожаат йўллаган.
Россия иқтисодий тараққиёт вазирлиги Ўзбекистонга нефть етказиб бериш бўйича экспорт божларини бекор қила олмаслигини билдирди.
Бу Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо-давлатлар олдидаги мажбуриятлари билан боғлиқ бўлиб, агар Ўзбекистонга экспорт божларини бекор қилса, у ҳолда ЖСТга аъзо мамлакатларнинг барчасига божхона тўловлари бекор қилиниши керак бўлади, деб маълум қилди Россия энергетика вазирлиги.
Россия энергетика вазирлиги маълумотига кўра, айни вақтда "Омск-Павлодар-Чимкент-Зафаробод" қувури орқали нефтни юбориш учун техник имконият мавжуд эмас.
Энергетика вазирлигига Россия нефть компанияларининг Ўзбекистонга нефть етказиб бериш бўйича аризалари ҳам тушмаган.