ТОШКЕНТ, 17 янв – Sputnik. Белгиянинг етакчи туроператорларидан бири бўлган Hobo Rеisen Лёвен шаҳрида сайёҳлик ярмаркаси ташкил қилди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" ахборот агентлиги.
Ушбу сайёҳлик ярмаркасида 50 мамлкат вакиллари иштирок этди. Улар орасида Ўзбекистоннинг ёрқин ва ранг-баранг стенди алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Кўргазмага ташриф буюрган сайёҳлар Ўзбекистон бой маданияти, амалий санъати намуналари ва улкан туристик имкониятлари билан танишишга муваффақ бўлишди.
Ярмарка доирасида Ўзбекистон халқларининг бой тарихий-маданий меъроси табиий иқлим шароити ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди.
“Мен Самарқандни – Шарқнинг Парижи, Бухорони – такрорланмас илм маркази, Хивани эса – ҳақиқий эртак деб атайман”, — деди Hobo Reisen компанияси ходими Пол Раска “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Hobo Reisen компанияси директори Одри Готц айтишига қараганда, бой тарихий маданий меъросга эга бўлган Ўзбекистон Европалик сайёҳларда улкан қизиқиш уйғотмоқда. Ундан ташқари бугунги кунда Ўзбекистонда сайёҳлик хизматларининг янги турлари ишлаб чиқилмоқда ва меҳмонлар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида сайёҳлар Ўзбекистондан яхши таасуротлар билан мамнун бўлиб қайтмоқда.
Кўргазмада иштирок этиш Ўзбекистон элчихонаси ёрдамида ташкил қилинди.