ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ва ҳокимликлар ходимларининг иш ҳақи оширилгани ҳақида 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида маълум қилди.
Президент, бундан ташқари, барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида ҳокимнинг иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, шунингдек, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилганини айтиб ўтди.
Маълумотларга кўра, ахборот-таҳлил гуруҳлари кучайтирилган. Чегарага яқин 80 та туманда ҳокимнинг махсус ёрдамчиси лавозими киритилди. Жами 739 та қўшимча штат ташкил этилган.