ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Москва ҳукумати мигрантлар учун пойтахтда юриш-туриш қоидалари тасвирланган комикс қўлланма тайёрлади, деб хабар қилмоқда Sputnik Тожикистон.
Қўлланма Миллий сиёсат, ҳудудлараро алоқалар ва сайёҳлик департаменти буртмасига биноан Москва Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамоат ташкилоти томонидан яратилган. Буюртма қиймати 7 млн рублни ташкил қилди. Тираж — 50 минг экземпляр. 100-варақли қўлланма Москвада яшаётган мигрантлар орасида тарқатилади.
Қўлланмада рус эртаклари қаҳрамонлари образларидан кенг фойдаланилган. Масалан, полиция ходимлари — рус эртакларидаги уч баҳодир қиёфасида чизилган. Мигрантларга рус тилини — Доно Василиса ва шоир Пушкин ўргатади. Юрий Долгорукий меҳмонларни Москва бўйлаб саёҳатга таклиф қилади. Ўлмас Кашей бўлса — мигрантларга ноқонуний ишлашни таклиф қилади….
Қўлланмада шунингдек, миграцион карта олиш, регистрация ва патент расмийлаштириш жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумотлар берилган. Москва ҳукумати фикрига кўра, қонун-қоидаларни шундай йўл билан тушунтириш "маҳаллий аҳоли ва мигрантлар орасидаги кескинликни енгиллаштириши керак".