ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. "Одамлар ишонгани, мушкулини осон қилишдан умидвор бўлгани учун давлат органига, у ерда ўтирган давлатнинг вакилига, қўлидан иш келадиган кишига мурожаат қилади. Ҳокимлик бўладими ёки бошқа давлат ташкилотими, биринчи раҳбардан бошлаб энг кичик ходимгача бу масъулиятни ҳис этиб, аҳоли билан суҳбатлашиши, уларнинг муаммоларига ечим топишга интилиши, халққа чин юракдан хизмат қилиши лозим. Акс ҳолда, нақафат ўз хизмат вазифаларини бажармаган бўлади, балки халқ олдида ҳурматини йўқотади, элнинг назаридан қолади", — деб таъкидлаган Оқбўтаев.
У шунингдек Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун давлат хизматчилари, масъул вазифаларни бажараётган шахслардан айнан шуни талаб қилаётганини эслатиб ўтган, деб ёзади "Зарафшон" нашри.
Хабарда айтилишича, айни пайтда Нуробод тумани бўйича рўйхатга олинган 438 та тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектининг 52 таси фаолият кўрсатмаяпти. 67 та саноат корхоналаридан 10 таси, қурилиш корхоналарининг 7 таси ишламаяпти. Йил давомида туман иқтисодиётига хорижий инвестиция умуман киритилмаган. Иқтисодиётдаги ана шундай камчиликлар сабабли ўтган йил якуни билан туманнинг вилоят саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши атиги 1,4 %ни ташкил этган.
Нурободда чорвачилик бўйича катта тажриба тўпланган бўлса-да кейинги йилларда бу салоҳият ҳам йўқолмоқда. Соҳада наслчиликни ривожлантириш, тери ва жунни қайта ишлаш, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эътибор қаратилмаяпти.
Туманда бой минерал хом ашё базаси, табиий имкониятлар мавжудлиги сабабли бошқа ҳудудлардан ишбилармонлар келиб тадбиркорлик, фермерлик фаолиятини йўлга қўяётган бир пайтда нурободликларда ташаббускорлик сезилмаяпти. Ҳатто томорқа имкониятларидан ҳам мақсадли фойдаланилмаяпти.
"Бундай бепарволик, боқимандалик кайфияти туманда ишсизлик, фуқароларнинг чет элга чиқиб кетиши ҳолатларининг кўпайишига олиб келмоқда", — деб таъкидланган хабарда.
Оқбўтаев туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурнинг асосий йўналишлари ҳақида тўхталиб, дастурда белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда туман фаолларини ҳамжиҳатликда ишлашга даъват этган.