ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистондаги ҳукумат ташкилотларининг йигирмадан ортиқ вакили Тошкентда ташкиллаштирилган киберхавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича икки кунлик семинарда иштирок этишди, деб хабар қилди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.
АҚШ ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамкорлигида ташкил этилган семинар киберхавфсизлик стратегияси ва соҳадаги илғор тажрибаларга бағишланди.
Унда Озарбайжон, Германия, Португалия, Польша, Украина ва Америка Қўшма Штатларидан келган мутахассислар иштирок этди. Улар ўзбекистонлик мазкур соҳага масъул вакиллар билан киберсоҳадаги миллий хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган стратегия, амалиёт, халқаро илғор тажрибалар ва умумжамиятга тааллуқли ёндашувлар бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Ўзбекистонда Маршалл номидаги Европа маркази томонидан мана шундай илк семинар 2015 йилда ўтказилганди.