1. Москвада 120 йилдан бери кузатилмаган даҳшатли совуқ бўлди
Москвада охирги 120 йил давомида олиб борилган метеорологик кузатувларига кўра, 6-7 январда энг совуқ тун бўлди. Москва шаҳридаги ВДНХ боғи ҳудудида қайд этилган совуқ даражаси минус 29,9 ни ташкил қилди. Москва вилоятида жойлашган Клин ва Дмитров шаҳарларида ҳаво ҳарорати минус 33,4 градусни ташкил қилди.
2.Москвада ўзбекистонлик аёлнинг бир ёшли қизини полиция маҳкамаси олиб қўйди
Ўтган ҳафтада Москва шаҳрида ўзбекистонлик аёлнинг бир ёшли қизи полиция томонидан олиб қўйилгани ҳақидаги хабар деярли барча ОАВнинг диққат марказида бўлди.
Ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидова Кунцево тумани ИИБга ҳужжатлари ўғирлангани юзасидан мурожаат қилиб борганида ИИБ ходимлари унинг фарзандини боланинг аёлга тегишли эканига оид ҳужжатлар йўқлигини рўкач қилишиб, тортиб олишди ва аёлнинг ўзини уч кунга тергов изоляторига жойлаштиришди. Бола эса Москвадаги 1-шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Узоқ ва қатъий ҳаракатлардан сўнг қизча онасига қайтарилди.
3.Ислом Каримов хайрия фонди иқтидорли ёшларни хорижга жўнатади
Ислом Каримов хайрия жамоат фонди Европа ва АҚШ ОТМларида таълим олиш учун биринчи танловни эълон қилди. Танловда Ўзбекистон ва чет элдаги ОТМларни бакалавр даражасини муваффақиятли битирган, хорижий тилларни биладиган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар иштирок этиши мумкин. Ислом Каримов Фонди грантлари юқордаги мутахассисликлар бўйича Европа ва АҚШ ОТМларининг магистратура босқичида таҳсил олиш учун тақдим этилади. Чет элда икки йилгача бўлган ўқиш ва яшаш харажатларини Фонд тўлалигича ўз зиммасига олади.
4.Сайёҳлар учун визаларни бекор қилиш 2021 йилгача кечиктирилди
Ўзбекистонга ташриф буюрувчи 27 мамлакат сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилиш тўғрисидаги 2017 йил 1 апрелдан кучга кириши лозим бўлган президент фармони ижроси 2021 йил 1 январга қадар кечиктирилди.
Илгарироқ давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, 2017 йил 1 апрелдан 15 давлат сайёҳлари ва 12 мамлакатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилиш режалаштирилган эди.
Ҳужжатда айтилишича, кейинчалик рўйхати қайта кўриб чиқилиши мумкин бўлган муайян давлатлар билан виза тартибини соддалаштириш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикасининг улар билан икки томонлама муносабатларининг ривожланиш даражасидан, жаҳон туризм бозорининг конъюнктураси ҳамда халқаро ва минтақавий хавфсизлик соҳасида содир бўлаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилади.
5.Мирзиёев хориждаги ўзбек шифокорларини қайтаришни талаб қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев январ ойининг бошида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарияти, марказлар раҳбарлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари билан учрашувида тўлиқ малакали хизмат кўрсатилмагани сабабли 40 мингдан зиёд ўзбекистонлик фуқаролар тиббий ёрдам учун хорижга чиқишга мажбур бўлаётгани таъкидлади.
"3 ой ичида 50 нафар хориждаги Ўзбекистон шифокорларини олиб келасиз ва ҳар бир давлат — Корея, Ҳиндистон, Россия билан ҳамкорликда Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижонда йўналишлар бўйича қўшма клиникалар очишни ташкиллаштирасиз", — деди Ўзбекистон президенти Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарига.
6. Қуддусда ҳам террорчи юк автомобилини одамлар устига ҳайдади
Исроилнинг Қуддус шаҳрида террорчи юк автомобилини пиёда сайр қилаётган одамлар устига ҳайдаши оқибатида тўрт киши қурбон бўлди, 15 киши жароҳатланди. Полиция ходимлари террорчига қарата ўт очиб уни яралашди.
Шунга ўхшаш терактлар 2016 йилда Франциянинг Ницца ва Германиянинг Берлин шаҳрида ҳам содир бўлган ва улар оқибатида ўнлаб кишилар қурбон бўлган эди.