ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Вилоятларда прокурорларнинг ишига қараб ойлик рейтинги тузиб борилади, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Илгарироқ, 8-январ Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланганлиги ҳақида хабар қилган эдик. Бу прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017-йил 7-январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашди. Учрашувда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, прокуратура органлари масъул ходимлари ва фахрийлари иштирок этган.
"Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт", — деб таъкидлаган Мирзиёев сўзлаган нутқи давомида.
Президент шунингдек, қонунчилик базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва қонунларни сўзсиз ижро этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, демократик ҳуқуқий давлатни ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик тараққиётини қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашда прокуратура органларининг роли катталигини таъкидлаб ўтди.
Мирзиёев тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишида прокуратура органларининг роли ҳақида гапирар экан, "Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади. Бунинг учун ишбилармонларга кенг шароит яратиб беришимиз лозим. Прокурор тадбиркорга кўмакчи бўлиши, у билан ҳамкорликда ишлаши даркор. Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарур", — дея таъкидлади.
"Ҳозирги кунда Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар йили Бош прокурорнинг ҳисоботи эшитилади. Бу албатта муҳим, лекин жойлардаги прокурорларнинг ҳисоботини ким эшитади, — деди Шавкат Мирзиёев. — 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади.
Бундан ташқари, вилоятларда прокурорларнинг ишига қараб ойлик рейтинги тузиб борилади. Уларнинг фаолиятига рейтинг натижалари асосида баҳо берилади".
Ўзбекистон президенти "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да мазкур соҳа ходимлари ҳам ғоят масъулиятли вазифаларни бажаришлари лозимлиги ҳамда биронта ҳам мурожаат эътибордан четда қолмаслиги керак, дея эслатиб ўтди.
Учрашувда қатнашганлар Мирзиёев томонидан билдирилган танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, инсон манфаатларини тўла таъминлаш учун барча чора-тадбирлар кўрилишини таъкидладилар, — деб ёзган нашр.