ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Ўзбекистонда шу йилнинг апрелида хорижлик судьялар иштирокида халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди институти пайдо бўлиши мумкин. Мазкур йўналишга оид қонун ҳужжати лойиҳаси Ўзбекистон норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилди.
Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатда арбитраж жараёнининг барча жиҳатлари акс этган.
"Арбитраж судининг асосий тамойиллари ҳакамларнинг мустақиллиги ва холислиги, арбитраж ҳукмининг якунийлиги ва мажбурийлиги, томонларнинг тенг ҳуқуқлиги ҳамда арбитраж ишларида кўрилган маълумотларнинг сир сақланишидир", — дейилади ҳужжатда.
Қонун лойиҳасига кўра, арбитраж суди таркибига Ўзбекистон ёки бошқа мамлакат фуқаролари ҳамда йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган фуқаролиги йўқ шахслар кириши мумкин.
Ҳужжат муҳокамаси 2017 йил 12 январда якунига етади.