ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. Бокуда суриялик жангари қидирилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар ёлғон бўлиб чиқди, Озарбайжон ИИВ бедарак йўқолган ўзбекистонлик шахсни қидирмоқда, деб хабар қилди Vesti.Az агентлиги.
Илгарироқ ижтимоий тармоқларда Бокуга Суриядан жангари кириб яширингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шу билан бирга шаҳар кўчаларида бир йигитнинг суратлари ёпиштирилган ва уни кўрганлардан кўрсатилган телефон рақамларига мурожаат қилиш сўралганди, деб хабар беради РИА Новости.
"Бокуда суриялик жангарини эмас, Ўзбекистон фуқароси Аҳмаджонов Маҳаммаджон қидирилмоқда. У 1992 йил 26 августда Тошкент вилоятида туғилган. 2016 йилнинг июнидан буён бедарак йўқолган деб ҳисобланади. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз уни қидиришда ёрдам беришимизни сўрашганди, шунинг учун йигитнинг суратлари шаҳар бўйлаб ёпиштириб чиқилган", деган Озарбайжон ИИВ матбуот хизмати раҳбари полиция полковниги Садига Гезалова.