1. Алишер Усмонов Ўзбекистонга чақиришса албатта боришини айтди
Ўтган ҳафтада россиялик миллиардер Алишер Усмонов "Россия 24" телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистон ҳақида тўхталиб ўтди. "Мен кўп марта айтганман, мен ўзбеклигимдан мағрурланаман. Мен Ўзбекистон менинг она ерим эканлигидан мағрурланаман. Мен ҳар доим, ҳар дақиқада, Ўзбекистон учун, Ўзбекистон раҳбарияти учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилишга тайёрман. Мен Ўзбекистон халқига ва президентига улкан муваффақиятлар тилайман. Мен албатта сармоя қилишни истайман, шундай режаларим бор. Ҳеч бўлмаса Москвадагидек хайрия фонди очиш истагим бор. Буни албатта амалга оширишим керак. Мен бунинг учун рухсат сўрашга қарор қилганман", деди у.
Жорий йилнинг сентябр ойида узоқ танаффусдан сўнг Ўзбекистон армияси офицерларининг Россия ҳарбий ўқув юртларида таълим олиш жараёни қайта тикланди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик 2011-2012 йилларда тўхтаб қолган эди. Ўзбек офицерлари асосан ҳаво мудофаасига қарши мутахассислигида таҳсил оладилар.
3. Обаманинг "янги йил совғаси": Россия дипломатлари АҚШдан чиқариб юборилди
Пайшанба куни АҚШ ҳукумати Россиянинг қатор фуқаролари ва компанияларига қарши санкциялар киритилганини эълон қилди. Расмий Вашингтон уларни Америка сиёсий институтларига нисбатан киберҳужумлар уюштирганликда айблади. Бундан ташқари, Вашингтон Россиянинг 35 нафар дипломатига мамлакатни тарк этиш шартини қўйди ва АҚШ ҳудудидаги Россиянинг иккита дипломатик муассасасини ҳам ёпди. Дипломатлар ва дипломатик муассасаларга "разведка фаолияти билан шуғулланганлик" айбловлари қўйилди. Обама уларни "жосуслар" деб атаган бўлса, давлат департаменти "уларнинг ҳаракатлари дипломатик ёки консуллик мақомига эга эмас"лигини маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини бевосита телевидение орқали шахсан ўзи янги йил билан табриклади. Президент 2016 йилда мамлакат ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқ ва марралар кўп бўлгани, шу билан бирга оғир ташвиш ва синовлар ҳам тушганини, лекин бу синовлар эл-юртни янада бирлаштирганини билдирди.
"Биз кириб келаётган 2017 йилга "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб ном бердик. Бунинг негизида "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ" деган олижаноб мақсад ва вазифалар ётибди. Янги йилда бу борадаги дастурий вазифаларни амалга оширишда барчамизнинг, аввало, раҳбар ва етакчиларнинг бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилишларига ишонаман", деди у табригида.
2017 йил 1 январдан пенсияни белгилаш учун мурожаат муддатлари қисқартирилди. Янги тартибга кўра, ёш бўйича пенсия белгилаш у бўйича мурожаат агар унга ҳуқуқ пайдо бўлгандан кейин 60 кундан (аввал 3 ой) кеч бўлмаган муддатда билдирилган бўлса, пенсия ёшига эришилган кундан амалга оширилади. Ногиронлик бўйича пенсия ногиронлик ўрнатилган кундан бошлаб худди юқоридагидек қоидага кўра белгиланади. Қолган барча ҳолатларда пенсия мурожаат қилинган кундан бошлаб белгиланадиган бўлди.
Ўтган ҳафтада Наманган вилоятида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича вазифаларни бажармаганлик учун прокуратура тақдимномасига асосан Косонсой, Учқўрғон ва Чортоқ туманлари ҳокимлари, Косонсой, Поп, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туманлари ҳокимларининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда 16 нафар фермер хўжалиги раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳаммаси бўлиб 38 нафар масъул шахс қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик хусусида расман огоҳлантирилди.
Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов Тожикистон халқига билдирган янги йил тилакларида, Тожикистоннинг қўшни давлатлар билан, айниқса, Ўзбекистон билан алоқалари янада яқин бўлиши ҳақида таъкидлади ва агарда ўзаро виза тартиби бекор бўлса биринчи галда, узоқ ўтмишда бўлганидек, энг аввало ўзига яқин бўлган дўстлари-ҳамкасблариникига бориши ва улар билан битта саҳнада қўшиқ куйлашини айтди. У айниқса, Шерали Жўраев билан бирга бир саҳнада куйлашига умид билдирди.