ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. 2017 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда фуқароларнинг Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказиладиган мажбурий суғурта бадаллари ставкаси оширилди, деб маълум қилди республика давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
Янги ставка "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги қарори асосида ўрнатилган.
Қарорга кўра, фуқароларнинг Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказиладиган мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7,5 фоиздан 8 фоизга оширилган.
Бунда юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз миқдорида сақлаб қолинган.
Корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг мажбурий суғурта бадаллари, фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ва корхоналар, муассаса ва ташкилотлар томонидан реализация қилинган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳақиқий ҳажмидан ажратиладиган мажбурий тўловлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси асосий даромади ҳисобланади, деб ёзади РИА Новости.
Ўзбекистон меҳнат вазирлигининг маълумотига кўра, айни пайтда аҳолиси 32 миллион нафарни ташкил этувчи мамлакатда 2,8 миллионга яқин пенсионер истиқомат қилади. Ёшга доир ва болаликдан ногиронларга бериладиган пенсиялар ойига 292940 сўм (92 долларга яқин), зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган пенсиялар ойига 179755 сўм (56 долларга яқин)ни ташкил этади.