ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Истанбулдаги тунги клубларнинг бирига амалга оширилган қуролланган ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69дан ортиғи жароҳатланган, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Истанбул шаҳри мэри Васип Шахиннинг сўзларига кўра, ушбу ҳужумни террорчилик акти сифатида қабул қилиш лозим. Террорчи терактни якка ўзи амалга оширган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Сўнгги маълумотларга кўра, террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар орасида 16 нафар хориж давлатлари фуқаролари ҳам бор.
Туркия Ички ишлар вазири Сулейман Сойлу айни ватда террорчини қидириш ишлари давом этаётганини маълум қилган.
"Террорчи қидирилмоқда. Умид қиламанки, у тез орада қўлга олинади", — дея таъкидлаган вазир.
Рейтер агентлигининг ёзишича, 21 нафар ҳалок бўлган кишиларнинг шахси тасдиқланган, уларнинг 16 нафар чет эл фуқароларидир, 5 нафари эса Туркия фуқароси.
Reina тунги клубига ҳужум Янги йил оқшомида амалга оширилган. Маҳаллий ОАВларда келтирилган маълумотларга кўра, Санта-Клаус либосини кийиб олган шахслар Калашников автоматидан одамларга қарата ўқ узган. Истанбул губернатори Васип Шахин эса ҳужум якка-террорчи томонидан амалга оширилган, деб баёнот қилган.