ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан Турсинхан Худайбергеновни Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимидан бўшатиб, халқ қабулхоналари бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинлади.
"Худайбергенов Турсинхан Айдарович Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасида озод қилиниб, жисмоний ва юридик шахслар мурожатларини назорат қилиш ва ўзаро мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинлансин", — дейилган президент қарорида.
Худайбергенов Турсинхан 2010 йилдан бери ФВ вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Бундан олдин Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи вазифасида ишлаб келган. Шунингдек Худайбергенов назорат қилиш ва ҳуқуқни сақлаш органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтанинг чоршанба куни Мирзиёев Ўзбекистоннинг барча вилоятларида президент қабулхоналари очиш ҳақида қарор имзолаган эди. Бундан мақсад оддий халқ ва давлат раҳбарлари орасида тўғридан тўғри суҳбат ўрнатиш, хукумат бошқарув органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишдир. Бош вазир Ариповга бир ой давомида ушбу қабулхоналар фаолиятини ташкил қилиш топширилган.
Ўзбекистонда халқ қабулхонаси очишни дастлаб Шавкат Мирзиёев бошлаб берган эди. Ушбу йилнинг сентябр ойида очилган интернет қабулхона ўзининг ўта самаралигини намойиш қилди. Икки ой давомида интернет қабулхонага 218 мингта мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти тез орасда ҳал қилиниди, қолганларининг ҳал қилиниши давлат назорати остида олиб борилмоқда.