ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. "BePro Norma" масъулияти чекланган жамияти тадбиркорлар учун мўлжалланган "1UZ Buxgalteriya. Mini" миллий дастурини яратди. Бу ҳақда "Жаҳон" ахборот агентлиги хабар қилмоқда. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ушбу дастур такдимоти ўтказилди.
Унда мазкур дастурни бошқариш тизими, тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Хабарда айтилишича, мазкур бухгалтерия дастури маълумотлар базасини яратиш ва унинг асосида турли мураккабликдаги бухгалтерия ҳисоботларини шакллантириш имконини беради. Энг муҳими, у ҳисобда хатога йўл қўймасликда, иш вақтини тежашда, зарур ахборотни тезкор равишда олишда ёрдам беради.
Дастурни танлашда у қайси корхонага: кичик, ўрта ёки йирик корхонага мўлжалланганини ҳисобга олиш, унинг қай соҳага тегишлилигига эътибор қаратиш зарур.
"BePro Norma" масъулияти чекланган жамияти бош мутахассиси Бахтиёр Собиржоновнинг сўзларига кўра, ёш тадбиркорлар учун мўлжалланган "1UZ Buxgalteriya. Mini" дастури Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари асосида яратилган. Мазкур дастурдан фойдаланиш жуда қулай. Ўзбек ва рус тилларидаги интерфейсга эга, имкониятлари бўйича хорижий дастурлардан қолишмайди.
Ушбу дастур бухгалтерияни автоматлаштириш билан бирга бошқа қатор хизмат турларини ҳам ўзида мужассам этган. Шунингдек, мазкур дастурнинг тўлақонли юкланувчи бепул версияси тадбиркорларга унинг афзалликларини кўриш ҳамда сифатли лицензион дастур соҳибига айланиш ва ишлаб чиқувчи билан ҳамкорликни давом эттириш хусусида якуний қарор қабул қилиш имконини беради.