ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Қора денгиз устида юз берган ҳалокат сабаблари аниқлангунига қадар барча турдаги Ту-154 самолётларининг парвози вақтинча тўхтатилади, деб хабар бермоқда РИА Новости Россия Қуролли кучлари авиация парвозлари хавфсизлиги хизмати раҳбари генерал-лейтенант Сергей Байнетовга асосланиб.
"Комиссиянинг дастлабки хулосалари чиққунига қадар бу турдаги самолётларнинг парвози вақтинчалик тўхтатилди", — деди у.
Ўтган жума куни Россия Мудофаа вазирлигига тегишли бўлган Ту-154 самолёти ҳалокатга учради. Россиядан Сурияга йўл олган самолёт бортида 92 йўловчи бўлиб, улар орасида Александров номли оркестр артистлари, 9 нафар журналист ва 8 экипаж аъзоси бор эди. Ҳалокатда ҳеч ким омон қолмагани маълум бўлди. Қидирув операциялари чоғида самолётнинг қора қутилари денгиз тубидан тортиб олиниб, улардаги ёзувларни ўрганиш учун Москвага жўнатилди.