Ўзбекистонлик туроператорлар ўзларини қийнаётган муаммоларни айтдилар

© OLGA NEDBAYAVA / AFPЎзбекистонда туризм ривожланади
Ўзбекистонда туризм ривожланади - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Турфирмалар вакиллари бюрократия, йўлларнинг ёмонлиги ва бошқа муаммолардан шикоят қилдилар

ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтган Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасининг ишчи йиғилишида МДҲ мамлакатлари туристлари учун имтиёзлар жорий этиш, туризм соҳасидаги бюрократик тўсиқлар ва хорижлик туристларни рйўхатга олишдаги муаммолар ўртага ташланди, деб хабар бермоқда nuz.uz.

Вазирлик, муассаса, туристик компаниялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда туризм соҳасини ривожлантиришга мўлжалланган Концепция режаси, мамлакатга туристлар оқимини кўпайтириш бўйича таклифлар ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестициялар борасидаги режалар муҳокама этилди.

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестиция ва туризм бўйича Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг айтишича, "Ўзбектуризм" компаниясининг давлат қўмитасига айлантирилгани бу соҳадаги муҳим қадам бўлиб, ҳозирда қўмита яқин 5 йилга мўлжалланган давлат дастурини ишлаб чиқмоқда.

"Бугунги кунда Ўзбекистон ЯИМда туризмнинг улуши 3%га ҳам етмаяпти. Бу кимдир ишламаётгани учун эмас. Шунчаки тизимнинг ўзини ўзгартириш вақти келди", — деди Содиқ Сафоев.

Самарканд - Sputnik Ўзбекистон
Анвар Шарапов Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбари бўлди

Йиғилишда туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида фикр билдирдилар.

Туроператорлардан бири Ўзбекистонга келаётган туристлар умумий сонининг катта қисмини ташкил этувчи МДҲ мамлакатлари фуқаролари учун имтиёзлар жорий этишни таклиф қилди. яна бир компания вакили эса хориж фуқароларининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмасдан юришлари муддатини узайтиришни сўради.

"Уч кун жудаям оз муддат. Бу давр талаби ва мажбурий рўйхатдан ўтиш хавфсизлик мақсадларида жорий этилганини тушунамиз, лекин бу туроператорлар, айтайлик, қишлоқ ва тоғ туризмини ривожлантиришга тўсиқ бўлмоқда", — деди у.

Турфирмалар вакиллари бюрократиядан ҳам шикоят қилдилар. Уларнинг айтишларича, вилоятларда бирор фаолият тури билан шуғулланиш учун лицензия олишга ярим йил вақт кетади, чунки дастлаб барча зарур ҳужжатларни йиғиш, сўнгра улар кўриб чиқилиши учун Тошкентга жўнатиш лозим бўлади. Вилоят муассасаларига бу борада кўпроқ ваколат берилиши таклиф қилинди.

Туризм соҳасидаги тадбиркорлик рағбатлантирилади

Суҳбат давомида Ўзбекистон ҳақида сифатли сурат ва видеолавҳалар жойлаштирилган ягона портал яратиш таклифи ўртага ташланди ва бу таклифни давлат қўмитаси қўллаб-қувватлади.

Туркомпаниялардан бирининг вакили Миллий авиакомпания ва Давлат темир йўл компаниялари томонидан туроператорларга имтиёз ва чегирмалар берилиши борасида мурожаат қилди. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" вакили бу масала кўриб чиқилишига ваъда берди.

Шунингдек, чекка ҳудудлардаги йўлларнинг ёмонлиги, туристлар учун инфраструктура ва оддий қулайликларнинг мавжуд эмаслиги борасида ҳам мурожаатлар бўлди. Давлат қўмитаси соҳадаги бу ва бошқа муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди.

Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбари Анвар Шараповнинг айтишича, таркибига барча вазирлик ва муассасалар вакиллари кирадиган Туризмни ривожлантириш бўйича давлат кенгашини тузиш режалаштирилган. Келгуси йил бошида туризм соҳасидаги турли муаммоларни ечиш мақсадида муассасалараро йиғилиш ўтказиш кўзда тутилган.

Янгиликлар лентаси
0