ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Тошкент шаҳри марказида Coca-Cola компаниясининг юк машинаси тирбандликлар келиб чиқишига сабабчи бўлди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Гувоҳларнинг айтишларича, бўш шишаларни олиб кетаётган юк машинаси Grand Mir меҳмонхонаси олдидаги айланада кескин бурилган чоғида юкхона эшиги очилиб кетган ва атрофга Coca-Colaнинг шиша идишлари сочилиб кетган.
Ҳодиса натижасида айлана атрофида ўн дақиқа давомида тирбандлик юзага келган. Мазкур воқеа фотосурати "Водители Ташкента" гуруҳининг саҳифасида берилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, атрофга сочилиб кетган шиша синиқларини ҳайдовчининг ўзи йиғиштирган.