Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Топволдиев вафот этди

Oбуна бўлиш
У жонкуяр ва талабчан, меҳрибон устоз сифатида эл-юрт ўртасида юксак ҳурмат ва эътибор қозонди

ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Темирович Топволдиев 82 ёшида вафот этди, деб хабар беради Ўзбекистон ҳукумати портали.

Т.Топволдиев 1934 йил 10 сентябрда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ишчи оиласида туғилди.

1957 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича тамомлади. Кўп йиллар давомида Андижон вилояти суғориш тармоқлари тизимида самарали меҳнат қилди.

1965-1985 йиллар мобайнида Бўз, Улуғнор, Жалақудуқ туманларида биринчи раҳбар лавозимида фаолият кўрсатди. 1985-1996 йилларда Андижон вилоятида турли масъул вазифаларда ишлади.

1996 йилдан умрининг охирига қадар Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси бўлиб хизмат қилди.

У жонкуяр ва талабчан, меҳрибон устоз сифатида эл-юрт ўртасида юксак ҳурмат ва эътибор қозонди.

Т.Топволдиевнинг кўп йиллик самарали меҳнати муносиб тақдирланди. У "Дўстлик" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган эди.

Янгиликлар лентаси
0