ТОШКЕНТ, 27 дек – Sputnik. Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини юқори даражада ўтган Президентлик сайловлари билан яна бир бор самимий қутлади.
Тожикистон президенти Ўзбекистон расмий ҳукумат делегациясининг Тожикистонга ташрифини давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш борасидаги муҳим қадам деб атади.
"Тожикистон ўзбек томонининг икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларни тиклаш борасидаги ташаббусини ижобий баҳолайди. Тожикистон темир йўл участкаларини тиклаш, темир йўлда юк ташиш тарифларини пасайтириш, электр энергияси импорт ва экспортини қайта йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, виза тизимини бекор қилиш ва соддалаштириш ҳамда чегара масалалари борасидаги муносабатларни яхшилаш тарафдори", — деди Эмомали Раҳмон.
Томонлар иқтисодиёт, савдо, транспорт ва коммуникация, сув, энергетика, маданият, чегаралар муҳофазаси бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳақида фикр алмашдилар ҳамда мазкур соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш борасида ўз таклифларини билдирдилар.
Учрашув давомида минтақа ва жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият, терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва бошқа трансмиллий жиноятларга қарши курашни кучайтириш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Душанбега Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумат делегацияси ташриф буюрди. Учрашувлар кун тартибидан саноат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш ва кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик, икки мамлакат божхона хизматлари, маданий-гуманитар ҳамкорлик, икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш ва бошқа масалалар ўрин олган.