ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. "Вымпелком" 27 декабр куни "Евросиё мобил кубоги" (Eurasia Mobile Challenge) финалчиларини эълон қилди.
Барселонада бўлиб ўтадиган Mobile World Challenge — 2017 танловида қатнашиш имкониятини қўлга киритиш учун 24 жамоа кураш олиб боради.
"Вымпелком" ("Билайн" бренди) ОАЖ 2017 йилнинг 24-25 январ кунлари Ереван шаҳрида бўлиб ўтадиган "Евросиё мобил кубоги" финалида қатнашувчи саккиз мамлакатнинг ғолиб вакиллари номини эълон қилади, деб хабар берди "Вымпелком" матбуот хизмати.
Eurasia Mobile Challenge танлови VimpelCom компаниясининг Make Your Mark ("Ўз изингни қолдир") ижтимоий дастури доирасида ўтказилади. Мазкур лойиҳа муаммоларга инновацион ва технологик ечим топишда ёш тадбиркорларга кўмак беришга қаратилган.
"Евросиё мобил кубоги" баҳсларида жамоалар бизнес-лойиҳаларининг инновационлиги, ўзига хослиги, қамрови, маҳаллий жамият учун аҳамияти ва самарадорлигига қараб баҳоланади.
Бу йил финалчилар деярли мингга яқин жамоа орасидан танлаб олинган бўлиб, бу йил 2015 йилдагига нисбатан икки баравар кўп жамоа рўйхатга олинганди. Ҳакамлар эътиборига 300га яқин лойиҳа тақдим этилди. Саккизта иштирокчи давлатдан учтадан жамоа танлаб олинди ва энди 24та финалчи жамоа жаҳоннинг етакчи рақамли ташкилотлари, глобал инвесторлари ҳамда VimpelCom раҳбарларидан иборат 10 кишилик ҳакамлар ҳайъатига ўзларининг рақамли ғояларини тақдим этадилар.
Ҳудудий финалдан сўнг учта ғолиб жамоа ўз лойиҳаларини 2017 йилнинг 27 февралидан 2 мартигача бўлиб ўтадиган Mobile World Congress доирасидаги Global Mobile Challenge финалида намойиш этадилар.
"Евросиё мобил кубоги"да иштирок этиш учун стартаплар "Кўнгил очиш ва маданият", "Атроф-муҳит учун фойда", "Жамият учун фойда" ва "Бошқалар" йўналишларидан бирида инновацион мобил ечимни таклиф этиши лозим эди. бу йил энг кўп ариза (143) "Жамият учун фойда" йўналишида тушди, иккинчи ўринни "Кўнгил очиш ва маданият" йўналиши олди (58 ариза).
Финалга Ўзбекистондан Fixit, MyApteka ва Smartup жамоалари чиқишди.