ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. В Андижон шаҳрида янги қиличбозлик мажмуаси фойдаланишга топширилди, деб хабар қилади Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.
Мажмуа саккизтадан ўнтагача қиличбозлар махсус йўлакчасини ўрнатиш имкониятига эга майдони 24х42 м ўлчамдаги машғулотлар зали, 50 ўринли меҳмонхона, тренажёр залларини ўз ичига олган.
Андижон вилояти қиличбозлик мактаби ўзбек спортига бир қатор истеъдодли қиличбозлар, жумладан Лондон Олимпиадаси иштирокчиси Руслан Кудаев, жамоавий баҳслар бўйича Осиё чемпионлари — Жавоҳир Нурматов, Абдулбосит Насриддинов, Санжар Собиров, Осиё чемпионатининг икки карра кумуш медал соҳиби Саидбек Джеенбаевларни тарбиялаб берган.
Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар қиличбозлар учун халқаро стандартларга жавоб бера оладиган қиличбозлар зали фақатгина Тошкентда мавжуд эди. Янги мажмуа спортчиларнинг 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёрланишлари ва ушбу спорт турини мамлакатда янада оммалаштиришга имкон беради.