ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Болалар уйига бир неча қути мева совға қилган ўзбекистонлик сотувчи интернетда кўпчилликнинг олқишига сазовор бўлди, деб ёзади Sputnik мухбири.
Ирина Фесенко исмли москвалик аёл қаровсиз қолган касал болаларга тез-тез ёрдам бериб турар экан. У Янги йил олдидан оғир касал болалар яшайдиган касалхона учун мева чева олгани Москвадаги улгуржи озиқ-овқат бозорларидан бирига йўл олади.
Бозорда бир неча қути мандарин сотиб олиб олади, кейин ўзбекистонлик сотувчидан қовун сотиб олишга қарор қилади.
"Сотувчи қовунни тарозига қўя туриб, мендан бир неча қути мандарин бир киши учун жаа кўп эмасмикин, деб сўради. Шунда, мен бу мандаринлар болалар уйи учун Янги йил байрамига деб тушунтирдим. Рус тилида зўрға гапираётган сотувчи, мендан мандаринлар қаер учун деб яна бир марта сўради ва унинг юзи жиддийлашди. Кейин, у бир қути хурмони олиб менга тутқазди — буни ҳам ол болаларга мени номимдан бериб қўясан, деди. Менинг ҳис туйғуларим чалкашиб кетди, нима дейишниям билмай қолдим…. олсамми, олмасамми… Сотувчи бўлса яна савол беришга тушди: нима у болаларнинг оналари йўқми? Оналари бор, лекин улар касалхонада, уларнинг кўпи тузалмас касалликка чалинган. Биз улар учун кичкина байрам қилиб бермоқчимиз, — дедим. Шундан кейин сотувчи бир қути энг яхши ўзбекистон помидорларини олиб аравача устига қўйди — бу ҳам болаларга. Йўқ, йўқ, раҳмат керак эмас, болаларга помидор мумкин бўлмаса керак, — дейман мен… Мумкин, мумкин мен биламан, дейди у, фақат болаларга бераётган вақтинг "Оллоҳ Умарга хайр қил" дегин, деди менга.
Машина томон йўл оларканман, кўзимга ёш келди, томоғимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Ҳа, биз турли дин вакилларимиз, лекин уларнинг ҳар бирида муҳаббат, раҳм-шафқат ва яқин киши ҳақида ғамхўрлик қилиш бор. Раҳмат сенга Умар! Худо сени асрасин"
Шундай сўзлар билан Ирина Фесенко ўз ҳикоясини якунлайди.
Facebook тармоғида айтиб берилган ушбу воқеа остида олти мингга яқин киши "ёқди" тугмачасини босган ва яна юзлаб кишилар изоҳ қолдирган. Кўпчиллик ўз изоҳини "Оллоҳ Умарга хайр қил" сўзлари билан якунлаган.