ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. Хитойнинг Пекин шаҳрида 20-23 декабр кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар координаторлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон вакиллари томонидан ташкилот фаолиятининг долзарб масалалари, жумладан Остона шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда Қозоғистоннинг ШҲТда раислиги доирасида бўлажак бошқа тадбирларни ўтказишга тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди.
Мажлисда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган саммитда имзоланган Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумот тингланди.
Миллий координаторлар ШҲТ кун тартибининг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.