ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Жанубий Кореяда учувчилар иш ташлаш эълон қилганликлари туфайли 220дан зиёд рейслар бекор қилинади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Хабарда айтилишича, Жанубий Кореянинг энг йирик авиакомпанияси бўлган Korean Air учувчилари пайшанба куни сўнгги 11 йил ичида биринчи ўн кунлик иш ташлашни эълон қилишган. "31 декабрга қадар 200га яқин ички ва 24 йўналишда халқаро рейслар бекор қилинади", — дейилган хабарда.
Нашр хабарига кўра, пайшанба куни 18 йўналишда, шу жумладан халқаро йўналишларда ҳам, рейслар бекор қилинган. Бекор қилинган рейслар йўловчиларига эса учиш вақтини ўзгартириш ёки чипта пулининг тўлиқ қайтарилиши имкони тақдим этилган.
Иш ташлаш касаба уюшмалари вакиллари ва Korean Air компанияси раҳбарияти ўртасида учувчиларнинг маошини 34%га кўтариш борасида ўтказилган музокаралар омадсиз якун топганидан сўнг эълон қилинган. Шу билан бирга, Korean Air айни дамда "иш ташлаш туфайли юзага келган ноқулайликларни имкон қадар камайтириш устида" ишлаётганини маълум қилган.