ТОШКЕНТ, 22 дек – Sputnik. Қаршининг "Насаф" жамоаси марказий ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев Япониянинг "Жубило Ивата" клуби билан "2+1" кўринишида шартнома имзолади. Бу ҳақда унинг агенти – халқаро спорт юристи Санъат Шарипов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Фозил Мусаев профессионал фаолиятини 2007 йилда "Насаф" таркибида бошлаган бўлиб, 2009 йилда "Машъал"га ўтган. 2011 йилда "Насаф"га қайтган ва ОФК кубогини қўлга киритган. 2013 йилда у "Бунёдкор" билан шартнома имзолаган, лекин ярим йилдан Қатарнинг "Ал-Муайдар" жамоасига ўтган. Мусаев 2014 йил ўрталаригача ушбу клубда тўп сурган.
2014 йил ёзида Ўзбекистонга қайтиб, "Локомотив" билан шартнома имзолаган. 2015 йилдан 2016 йил июлига қадар у Эроннинг "Сепахон" клуби таркибида ўйнади. Шу йилнинг июлидан у яна "Насаф" таркибида эди.
Фозил Мусаев Японияда ўйнайдиган биринчи ўзбек футболчисига айланди pic.twitter.com/mN6WjRzMyB
— Sanat Sharipov (@SanatSharipov) 21 декабря 2016 г.
"Жубило Ивата" Япониянинг энг номдор ва унвонлар қўлга киритиш бўйича етакчи клубларидан саналади. Мамлакатнинг тўрт карра чемпиони таркибида бразилиялик Дунга, италиялик Сальваторе Скиллачи, россиялик Дмитрий Радченко каби ўз вақтининг машҳур футболчилари тўп суришган. Бу жамоани бир пайтлар Луиз Фелипе Сколари ҳам бошқарган.
Ҳозирда "Жубило Ивата"га Япония ва Осиё футболининг ўтмишдаги юлдуз ўйинчиларидан бири Хироши Нанами бош мураббийлик қилмоқда.