ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори эълон қилинди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резервига олинади.
Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2017 йилнинг феврал-апрел ойларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилади.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг Котиби В. Махмудов зиммасига юкланган.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 21 декабрда имзоланган.