ТОШКЕНТ, 20 дек – Sputnik. Москвадаги ВДНХ кўргазма мажмуасида бўлиб ўтган XX халқаро БИОТ-2016 махсус кўргазмасида "Ўзбекчармпойабзали" чарм-пойабзал корхоналари ассоциацияси таркибидаги 20га яқин компания иштирок этди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Россия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, шахсий ҳимоя воситаларини яратувчи, тайёрловчи ва етказиб берувчилар ассоциацияси, меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассисларининг Бутунроссия бирлашмаси томонидан ташкил этилган кўргазмада дунёнинг 20дан ортиқ давлатидан 300дан зиёд компания қатнашди.
Россия шахсий ҳимоя воситаларини яратувчи, тайёрловчи ва етказиб берувчилар ассоциацияси президенти Юрий Сорокиннинг айтишича, ассоциация "Ўзбекчармпойабзали" билан ҳамкорлик ҳақида Меморандум имзолади.
– Ўтган давр мобайнида биз икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг мустаҳкам асосини ярата олдик. Айрим корхоналаримиз чарм-пойабзал соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Фикримча, бугун тузилган келишув биз ва ўзбекистонлик ҳамкорларимиз учун манфаатли бўлади, чунки бу маҳсулотларни ташқи бозорга экспорт қилишни кенгайтириш учун олға ташланган яна бир қадам демакдир,- деди Сорокин.