ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Ўзбекистон терма жамоаси социалистик меҳнат қаҳрамони Фарман Курбан ўғли Салманов хотирасига бағишлаб 14-18 декабр кунлари ўтказилган бокс бўйича нефт мамлакатлари XIV жаҳон кубогидан медаллар билан қайтишди, деб хабар беради Ўзбекистон бокс федерацияси.
Иқболжон Холдаров 64 килограммгача вазн тоифасида финалда россиялик Алексей Мазур устидан ишончли ғалабага эришди.
75 килограммгача вазн тоифасида эса Исроил Мадримов россиялик Александр Агафоновдан устун келди.
49 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган Мироншоҳ Ибрагимов кумуш медалга сазовор бўлди. Миразизбек Мирзахалилов (56 кггача) ва Улуғбек Мубинов (91 кгдан ортиқ) бронза медалларини қўлга киритишди.
Турнирда 10 вазн тоифасида Осиё ва Европанинг 14 мамлакатидан 130дан ортиқ спортчилар иштирок этишди.