ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тилляева Халқаро олимпия қўмитасининг мукофотига сазовор бўлди. У бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар қилди.
"Мен спортда гендер тенгликни илгари суришга қўшган ҳиссам учун Халқаро олимпия қўмитаси томонидан "Аёллар ва спорт" дипломи билан тақдирланганимдан ниҳоятда хурсандман ва фахрланаман", деб ёзади у.
Лола Каримова-Тилляева Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бахга минннатдорлик билдирган ҳамда ўзбекистонлик спортчи аёлларнинг муваффақиятлари ҳақида сўз юритган.
"Спортни хотин-қизлар орасида оммалаштириш мақсадида амалга ошираётган ишларимизга шундай юқори баҳо берилгани учун Халқаро олимпия қўмитаси ва унинг президенти Томас Бахга ўз миннатдорлигимни изҳор этмоқчиман.
Шуни мамнуният билан таъкидламоқ лозимки, бугунги кунда ўнлаб ўзбекистонлик спортчи аёллар йирик халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекистон спортининг халқаро миқёсидаги нуфузини янада оширишга ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Гимнастика федерациямиз томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўзбек спортининг ривожига хизмат қилиб, спортчиларимизнинг келажакдаги ғалабалари учун замин яратишига ишонаман", деб ёзади Лола Каримова-Тилляева.
Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, "Сен ёлғиз эмассан" хайрия фонди ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази раиси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти ҳисобланади.