ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Буюк Британиянинг етакчи этикет мактабларидан бири бўлган The English Manner 2017 йилнинг январида Тошкентда ўзининг расмий ваколатхонасини очмоқда, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Буюк Британияда ушбу мактаб катта муваффақият қозонган бўлиб, уларнинг мижозлари орасида расмий ҳукумат вакиллари, дипломатлар, оқсуяклар ва ҳатто қирол оиласи вакиллари ҳам бор. Шунингдек ушбу мактаб билан дунёнинг етакчи олийгоҳлари ва Chopard, Chanel, Louis Vuitton, Maserati каби компаниялари ҳамкорлик қилишади.
Ўзбекистон ҳудудида Intelligent Perception таълим маркази ушбу Британия мактабининг вакили вазифасини бажаради. Тошкентда ваколатхона очиш жараёни бир йилдан ортиқ вақт талаб қилди.
“Ваколатхона очиш учун бир неча марта ташриф уюштириш, франшиза талабларини бажариш, Intelligent Perception ходимлари учун ўқув машғулотлари ўтказиш ҳамда халқаро тренинг дастурини Ўзбекистон маҳаллий урф-одатларга мослаштириш учун узоқ вақт керак бўлди”, — дейилган мактабнинг расмий мурожаатида.
Мактабнинг Тошкетдаги ваколатхонасида 6 ёшли болалардан бошлаб катта ёшли турли доира вакиллари учун машғулотлар ўтказилади. Машғулотлар 10-15 кишилик гуруҳлар ҳамда индивидуал тарзда ўтказилиши мумкин.
Шунингдек керак бўлганда Intelligent Perception ходимлари жойларга чиқиб алоҳода компания ходимлари учун машғулотлар ўтказиши мумкин. Машуғлотлар якунида ўқувчилар The English Manner томонидан тасдиқланган сертификат олишади.
Ўқув машғулотлари 2017 йилнинг февралида бошланади, рўйхатдан ўтиш эса аллақачон бошланган.