Ноябрда ўзбек чегарачилари 181 чегарабузарни қўлга олишди

Oбуна бўлиш
Энг кўп чегара бузувчилар ўзбек-қозоқ чегарасида ушланди — 101 киши

ТОШКЕНТ, 8 дек – Sputnik. Ўзбекистон чегара қўшинлари хизматчилари 2016 йил ноябр ойида 181 нафар давлат чегарасини бузган шахсни қўлга олишди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси вакили Sputnik мухбирига.

Энг кўп чегара бузувчилар ўзбек-қозоқ чегарасида ушланди — 101 киши. Қирғизистон билан чегарада 68 киши, Афғонистон билан чегарада 6, Тожикистон билан чегарада 5 ва Туркманистон билан чегарада 1 киши чегарадан ўтиш қоидаларини бузишга уринган.

"Қирғизистон томонидан чегараларни қўриқлаш етарлича ташкил этилмаганлиги боис қўшни давлат чегарасида контрабандачилар сезиларли фаоллашиши кузатилмоқда. Ноябр ойида чегара қўшинлари томонидан Қирғизистондан умумий қиймати 830 миллион сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларни олиб ўтишга бўлган 44 уринишнинг олди олинди", — деди суҳбатдош.

Хусусан, 19 ноябр куни ўзбек чегарачилари Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига 274 дона тюнер ва йирик миқдордаги парфюмерия маҳсулотларининг  олиб кирилишига йўл қўймадилар. Қўлга олиш чоғида чегара бузувчилар юкларини ташлаб Қирғизистон ҳудудига яширинишди.

Бугунги кунда чегара хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мавжуд хатарларни тезкорлик билан бартараф этиш, чегара постларининг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш ва ҳарбийларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқмоқда.

Янгиликлар лентаси
0