ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Россия, Қозоғистон, Туркия, Туркманистон ва Тожикистон президентлари Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида муваффақият қозонгани муносабати билан чин қалбдан табриклашди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, шунингдек, икки томонлама алоқаларга доир барча соҳаларда ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ишончли, очиқ ва конструктив давлатлараро мулоқотни изчил давом эттириш ва жадал ривожлантиришга қатъий тайёр эканликларини билдирганлар.
Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ қарорларга келиш мақсадида давлат ва жамоат тузилмалари, хўжалик субектларининг икки томонлама мулоқотларини қўллаб-қувватлашга келишиб олганлар.
Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ўртасида Туркия томонининг ташаббуси билан 6-декабр куни ўтказилган телефон орқали мулоқот давомида Давлат раҳбарлари давлатлараро муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этган ва 18-ноябрда Самарқандда олий даражада ўтган Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги серқирра мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлаганлар.
Ўзбекистон билан Туркия шериклик муносабатларини иқтисодий, инвестицион-технологик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги улкан салоҳият инобатга олинган ҳолда, янги мазмун билан бойитиш тарафдори экани қайд этилган.
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари ўзаро расмий ташриф алмашишга келишиб олганлар ва шу муносабат билан манфаатдор вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашганлар. Икки мамлакатнинг турли вазирлик ва идоралари ўртасидаги алоқаларга, хўжалик субектларининг самарали ҳамкорлиги, шунингдек, минтақалараро алоқалар жадал ривожланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг барча жиҳатлари ва минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олганлар.
Давлат раҳбарлари дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик принципларига асосланган юксак даражадаги давлатлараро муносабатларни мамнуният билан қайд этиб, бундан буён ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ва очиқ мулоқотларни фаол давом эттиришга қатъий ишонч билдирганлар.
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга ўзи учун қулай бўлган вақтда Туркманистонга расмий ташриф билан келишини таклиф этган. Таклиф мамнуният билан қабул қилинган.