ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Бугун дам олиш куним. Аммо, эрта тонгданоқ кўтаринки руҳда уйғондим. Ахир бугун ўзгача кун — бугун биз, Ўзбекистон фуқаролари, янги Президентни сайлаймиз.
Овоз бериш жараёни эрталабки 06.00дан бошлангани хаёлимга келди-ю, иложи борича эртароқ ўз фуқаролик бурчимни бажарай, деган мақсадда Москва шаҳрининг Полянка метро станцияси яқинида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Элчихонаси томон йўл олдим.
…Дарҳақиқат, 2016-йил қандай синовларни бошдан ўтказмадик. Хаёлимизга келмаган ишлар бўлиб кетди. Катта ютуқлар билан бир қаторда буюк йўқотишларни бошдан кечирдик. Аммо ҳаёт давом этмоқда… Янги йил остонасида буюк ўзгаришлар олдида турибмиз. Қаерда бўлмайлик, ўз фуқаролик бурчимизни адо этиш — ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.
Бугун Москва кўчалари ва жамоат транспортларида Ўзбекистон фуқаролари ҳар қачонгидан-да кўп. Метрода ва метродан Элчихонагача бўлган масофада ўзбекистонликлар бир-биридан "сайлов қаерда бўляпти экан" деб сўраган… Ҳамма бир-бирига йўл кўрсатган…
Элчихона олдидаги узун навбатни кўриб, фахр туйғуси икки карра ортди.
Мен ҳам юртдошларим кетидан навбатда турдим. Бир вақт посбонлардан бири (рус полициячиси, муаллиф) "Ҳой қиз, сиз навбатсиз ўтишингиз мумкин" деб қолди. Нақадар ажойиб! Паспортимни кўрсатиб, хавфсизлик текширувидан ўтиб, ичкари томон йўл олдим. У ерда ҳам овоз беришга келган фуқароларимиздан иборат катта навбат. Аммо аёлларни, боя айтганимдек навбатсиз ўтказишмоқда. "Ассалому алайкум", дея салом бериб, ичкарига ўтавердим. Саломингизга бир эмас, ўнлаб алик эшитсангиз, яна соф ўзбек тилида, бошқача завқ олар экансиз.
Мени ҳайратга солган нарса — Россиядаги фуқароларимизнинг ҳамжиҳатикда сайловга келганликлари ҳам эмас, балки уларнинг бу жараёнга ўзгача тайёргарлик кўриб келишганлари: деярли кўпчилик костюм-шим ва галстукда келган. Одамларнинг кайфияти аъло, байрамона дейиш мумкин.
Элчихонадаги сайлов жараёнидан фақатгина ижобий таассурот қолди. Ҳаммаси юқори савияда ташкил этилган: дипломатик корпус вакиллари юзларида табассум ила келганларни қарши олишмоқда. Нимаики саволингиз бўлса, улар жавоб беришга ва тушунмаганингизни тушунтиришга шай.
Рўйхатдан ўтиб, ўзим танлаган номзод учун овоз бердим, келганларни бир оз кузатиб, ортга, ишхонага шошилдим. Ахир кўрганларимни сиз билан бўлишишим керак.
Азиз юртдошим, агар сиз ҳам Москва шаҳрида бўлсангиз, тезроқ Элчихона томон йўл олинг. Бу кун унутилмас, ўзгача шукуҳ ила эсга олишга арзийдиган кун бўлади, ишонинг.