ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Самарқанд вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вилоят ҳудудида талончилик ва ўғирлик билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳни қўлга олди, деб хабар берди Sputnik мухбирига куч тизимидаги манба.
Пайариқ туманилик 27 ёшли Тоир Хўжақулов шу туманда яшовчи тўрт фуқаро: 19 ёшли Садоқат Ҳимматова, 31 ёшли Бекзод Абдуғаниев, 42 ёшли Одилжон Аминов ва 19 ёшли Иброҳимжон Абдусаломовлардан иборат жиноий гуруҳ тузади.
Гуруҳнинг ҳар бир аъзосининг ўз вазифаси бўлиб, улар тўда раҳбарига сўзсиз бўйсунишган. Айбланувчилар хусусий тадбиркорларни ўлдириш билан таҳдид қилиб ҳамда уларнинг яқинларини қийнаш йўли орқали товламачилик билан пул ундиришган.
"Мазкур жиноий гуруҳ қатор жиноятларни амалга оширган. Талончиларнинг ҳаракатларидан Пайариқ туманининг кўплаб фуқаролари жабр кўришган. Масалан, гуруҳ аъзоси Садоқат Ҳимматова шерикларига "Маданият" маҳалласидаги хонадонлардан бири ҳақидаги маълумотлар ва уйнинг чизмасини беради. Тўда тунда хонадондаги итларни заҳарлаб ўлдириб, ҳужум уюштиради. Уй эгаларини калтаклаб ва таҳдид қилиб, улар хонадондан 30 миллион сўм ва 1200 доллар пулни олиб чиқиб кетишади", — деди манба.
Шунингдек, уюшган гуруҳ аъзолари Пайариқ туманида яшовчи Ҳасановлар хонадонидан умумий қиймати 53 миллион сўмдан ортиқ бўлган тилла буюмларни ўғирлаб чиқиб кетишади. Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари талончилик ва ўғирлик билан боғлиқ қатор жиноятларни содир этишади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция орқали тўданинг барча аъзолари қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судида мазкур иш бўйича суд жараёни бўлиб ўтди.
Кўриб чиқилган ҳужжатлар ва ашёвий далиллар асосида айбланувчиларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-(талончилик) ва 169-(ўғирлик) моддалари билан айблов қўйилди.
Тоир Хўжақулов 11 йилга, Бекзод Абдуғаниев ва Иброҳимжон Абдусаломов ҳар бири 10 йил 6 ойдан, Одилжон Аминов 10 йилга ва Садоқат Ҳимматова 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.