ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Амнистияга кўра озод бўлганларга кўмак берилмоқда, деб хабар берилган Самарқанд вилояти ҳокимлиги расмий сайтида.
"Бугунги кунга қадар вилоятимиз бўйича амнистия туфайли 150 дан ортиқ фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқди. Уларни моддий қўллаб-қувватлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, ижтимоий мослашуви ва бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда", — дейилган хабар матнида.
Муқаддам судланганларни ижтимоий муҳитга мослаштириш вилоят маркази маълумотига кўра, амнистия актига кўра жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиққан шахсларга ўрнатилган тартибда моддий кўмак бериш чоралари кўрилмоқда. Шу кунга қадар 63 нафар фуқаро марказга мурожаат қилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан амнистия актига кўра жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиққан шахслар туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 8 йўналишда бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиққан шахсларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан ҳам вилоят меҳнат бошқармаси томонидан чора-тадбирлар олиб борилмоқда. "Шу кунга қадар вилоят бўйича озод бўлганларнинг 35 нафари бошқармамиз ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ишга жойлаштирилди, – дейди вилоят меҳнат бошқармаси бош мутахассиси Илҳом Холиқулов. – Айни вақтда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда озод қилинган шахсларнинг меҳнатга лаёқатлилиги, касби, маълумоти, қизиқиши ҳамда тажрибасини ўрганиш жараёни давом этмоқда. Хулосалар натижасида уларни ишга йўналтирамиз".
Хабарда таъкидланишича, вилоятда қарор ижросини таъминлаш ва амнистия актига кўра, жазони ижро этиш муассасаларидан озод бўлган шахсларга ўрнатилган тартибда кўмак бериш ишлари давом этмоқда.