ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Америка Қўшма Штатларининг янги сайланган президенти Дональд Трамп 15-декабр куни Нью-Йоркда ўз фарзандлари билан биргаликда "муҳим" матбуот-анжуманини ўтказишини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости. Нашрда ёзилишича, сиёсатчи бу ҳақда ўзининг Twitterдаги саҳифасида маълум қилган.
Сал илгарироқ сиёсатчининг фарзандлари — Иванка, Эрик ва кичик Дональдлар Трампнинг ўтиш маъмуриятига киритилиши ҳақида хабар берилган эди. Айтиш жоизки, улар миллиардернинг президентлик кампаниясида фаол иштирок этишган бўлса-да, бирортаси ҳам Оқ Уй маъмуриятида расмий лавозимни эгаллаш истагини маълум қилгани йўқ.
Трампнинг яқинлари сўзларига кўра, АҚШ президенти ўз бизнес-активларини фарзандлари қўлига топшириш ниятида. Уларнинг барчаси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишади.