ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Куба инқилоби етакчиси Фидел Кастро ҳоки ортилган колонна чоршанба куни мамлакат жануби-шарқи, пойтахтдан 900 км масофада жойлашган Сантьяго-де-Куба шаҳрига қараб юришни бошлади, деб хабар қилмоқда РИА Новости. Мотам марши Куба вақти билан 07.15да бошланган.
Колонна маршрути бўйлаб Куба инқилоби етакчиси — Фиделни сўнгги манзилга кузатгани келганлардан иборат "девор" ҳосил бўлгани хабар қилинмоқда.
Кастро кули 4 декабрь куни Сантьяго шаҳрининг "Санта Ифигения" қабристонига қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Фидел Кастро 25 ноябр куни 90 ёшида вафот этган эди. Кубада 9 кунлик мотам эълон қилинди, давлат байроқлари туширилди, барча байрам тадбирлари бекор қилинди.
Фидел Кастронинг дафн маросимида 27 давлат делегациялари иштирок этиши кутилмоқда.