ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Тожикистон ва Ўзбекистон икки мамлакат ўртасида авиақатновларни тиклаш бўйича келишув имзолади, деб хабар берди Тожикистон транспорт вазирлиги фуқаро авиацияси бошқармаси матбуот хизмати.
"30 ноябр куни икки мамлакат транспорт вазирликлари томонидан мазкур рейсни тиклаш ҳақидаги протокол имзоланди", — дейилади хабарда.
Тожикистон авиация муассасаси раҳбари Юсуф Раҳмон РИА Новостига "мазкур базавий ҳужжат асосида ҳукуматлараро келишув имзоланиши ва авиақатновлар тикланишини" айтди.
Ўз навбатида Ўзбекистон фуқаро авиацияси давлат назорат қўмитаси раисининг ўринбосари Олег Ли Ўзбекистон ва Тожикистон авиараҳбариятлари ўртасида муаммолар йўқлигини, авиаташувчилар рейсларни амалга оширишга киришишлари учун асосий ҳуқуқий база тайёрланганини билдирди.
У шунингдек, қарор қабул қилинишида Тожикистон томонининг ролини ҳам қайд этиб ўтди.
"Айнан Тожикистон авиараҳбарияти туфайли биз бугун мана шундай ўзаро манфаатли қарорга келдик. Ўзбекистон томони январдан Душанбега парвозларни амалга оширишга тайёр", — деди Ли.
Агентликнинг маълум қилишича, 2017 йил январдан бошлаб Душанбе-Тошкент-Душанбе авиарейси ҳафтада икки марта "Сомон-Эйр" ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Икки мамлакат ўртасидаги авиақатнов 1992 йилда Тожикистонда фуқаролар уруши бошланганидан сўнг тўхтаб қолганди.