ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан илгари овоз берган фуқаролар сони 29 ноябр оқшоми ҳолатига кўра 53 501 кишини ташкил этди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматига таянган ҳолда NUZ.UZ хабар берди.
Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан илгари овоз бериш 24 ноябр куни бошланди. Сайлов участкалари 2 декабр кунига қадар маҳаллий вақт билан соат 9:00дан 18:00гача ишлайди.
Қонунчиликка мувофиқ, бирор сабаб билан сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар муддатидан олдин овоз беришлари мумкин.
МСК маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш учун 9 381 сайлов участкаси ташкил этилди, улардан 44таси мамлакат ташқарисида ташкил қилинган. Сайловда 21,435 миллион нафар сайловчи иштирок этиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари лавозимига Ўзбекистондаги тўрт сиёсий партия ўз номзодларини кўрсатган. Президент беш йил муддатга сайланади.
Иккинчи сентябр куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди. Президент вазифасини вақтинча бажариш мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёевга топширилди.