ТОШКЕНТ, 30 ноя – Sputnik. Бугун Самарқанддаги "Динамо" стадионида футбол бўйича Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади. Финалда бу йилги мавсумда чемпионликни қўлга киритган "Локомотив" жамоаси Қаршининг "Насаф" жамоасига қарши майдонга тушади.
Шу кунга қадар ҳар икки жамоа бир мартадан кубок соҳиби бўлишган: "Локомотив" 2014 йилда, "Насаф" 2015 йилда.
Учрашувни Владислав Цейтлин бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқаради. Унга қанотларда Тимур Галеев ва Акбар Пўлатов ёрдам беришади.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги чемпионатда "Насаф" "Локомотив"дан кейин иккинчи ўринни эгаллади.