ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Ўзбекистон собиқ Иттифоқ ҳудудида ривожланаётган иқтисодий интеграция жараёнларини диққат билан кузатиб бормоқда, лекин ҳозирча Евроосиё ва Божхона иттифоқига аъзо бўлишни режаллаштиргани йўқ, деди РИА Новостига Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий алоқалар ва Инвестициялар вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов.
“Ўзбекистон у ёки бу иқтисодий иттифоққа, биринчи навбатда, ўз манфаатлари йўлида аъзо бўлади. Бу борада бизнинг устувор талабимиз – Ўзбекистонда қабул қилинадиган қарорларга таъсир кўрсатадиган тузумга эга бўлмаслик. Биз МДҲ ва эркин савдо зонаси аъзосимиз. Ушбу шартномалар бизга нормал савдо ва бошқа муносабатлар олиб бориш имконини беради. Бизнинг мутахассисларимиз ЕОИИ ва Божхона иттифоқи шартномаларини чуқур ўрганиб чиқишди ва ЕОИИ ва БИга аъзо бўлиш, бугунги кунда Ўзбекистонга ҳеч қандай ютуқ бермай, аксинча, бизнинг манфаатларга зарар еткизиши мумкин экан”, — деди Шавкат Тўлаганов.
“Иқтисодий иттифоқлар ривожланиб боришини биз диққат билан кузатмоқдамиз. Агар иқтисодий жиҳатдан бизнинг манфаатларга зарар етмаслигига амин бўлсак уларга аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқамиз, лекин бугунги кунда бизнинг ўз йўналишимиз ва ўз қароримиз бор, ва биз ҳозирча янги иқтисодий иттифоқларга аъзо бўлмоқчи эмасмиз”,- деб қўшимча қилди вазир ўринбосари.
Тўлагановнинг сўзларига қараганда, ушбу сиёсат 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловидан кейин ҳам давом эттирилади. Президент номзодларининг ҳаммаси ташқи сиёсатда Ўзбекистон биринчи президенти белгилаган йўналишда давом этишини айтишди.