ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Тошкент ҳокимияти Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Оқсарой қароргоҳи яқинидаги кўчани очди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Айни вақтда Шароф Рашидов шоҳкўчаси ва Бешёғоч кўчаси орасидаги Афросиёб кўчасининг ҳар икки бўлагида ҳаракатланиш йўлга қўйилди.
Бу қарор Тошкентда Ислом Каримов хотирасига атаб парк, музей ва ёдгорлик бунёд этилиши ҳақидаги хабар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мазкур объектлар айнан қаерда жойлашиши ҳақида аниқ маълумот йўқ, лекин кўпчилик музей ва парк Оқсаройда барпо этилиши ҳақида гапирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Тошкентда мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бир қанча тиғиз марказий кўчаларда ҳаракатланиш очилганди. Улар бир неча йил илгари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёпиб қўйилганди.