ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Россия компаниялари билан бир нечта йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда ва Россиянинг янги инвестицияларига тайёр, деди республика иқтисодиёт вазири ўринбосари Шуҳрат Исмоилов брифингда.
"Хусусан, бугунги кунда биз "Лукойл" компанияси билан ҳамкорликда замонавий газни қайта ишлаш заводини қуриш орқали Қандим конлари гуруҳини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. Жорий йилнинг апрелида мазкур завод қурилиши бошланган. Шунингдек, "Газпром" компанияси билан биргаликда йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда", — деди Исмоилов.
"Биз биринчи навбатда фармацевтика, пахта толасини қайта ишлаш, текстил маҳсулотлари, тайёр кийимлар ишлаб чиқариш бўйича корхоналар ташкил этиш борасида Россия компаниялари инвестицияларини жалб қилиш учун очиқмиз. Биз мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва консерваланган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", — деди у.
"Умуман олганда, бизда хорижий инвестициялар, жумладан Россия компаниялари инвестициялари учун ҳеч қандай чеклов йўқ", — деди Исмоилов.