Самарқанд аҳолисини музлатаётганлар ким?

© Бахтиёр МУСТАНОВСамаркандские теплотрассы
Самаркандские теплотрассы - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ушбу йил ноябр охирида Ўзбекистонга тўсатдан келган қаттиқ совуқ кўпчиликни шошириб қўйди. Айниқса Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уйларда яшаётган оилаларга қийин бўлди. Ахир кўчада минус 15 уйда +5градус бўлса яшаш осон эмас-ку.

ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Ушбу йил ноябр охирида Ўзбекистонга тўсатдан келган қаттиқ совуқ кўпчиликни шошириб қўйди, деб ёзади Зарафшон нашри мухбири Анвар Мустафоқулов.  

Айниқса Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уйларда яшаётган оилаларга қийин бўлди. 24 ноябрга ўтар кечаси Самарқанд шаҳридаги кўпқаватли уйларга юборилган иссиқлик ҳам афсуски, кутилган натижани бермади, чунки ундан олдин ҳеч ким трубаларни текшириб, ёриқларини ямамагани туфайли, қанча энергия сарфлаб иситилган сув кўча ва подвалларни кўлга айлантирди.

Шаҳарнинг аҳоли зич яшайдиган бир неча маҳаллаларида бўлган Зарафшон мухбирлари кўплаб муаммолар гувоҳи бўлишди. Масалан, Абу Бакр Розий кўчасидаги 54 сонли кўп қаватли уй истиш қувурлари носозлиги туфайли, тунда юборилган қайноқ сув уй ертўласини тўлдирган ва коммунал хизмат ходимлари ушбу сувни махсус мотор ёрдамида ташқарига сўриб чиқараётганининг гувоҳи бўлишган.

"Марҳабо" уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 66-уй ертўласида иссиқ сув "шариллаб" оқиб ётибди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа носозликлар туфайли ҳудуддаги барча кўпқаватли уйларга иссиқлик таъминоти тўхтатилди.

— Ҳар йили 5 ноябрда "Иссиқлик манбаи" корхонаси томонидан синаш учун қувурлардан иссиқ сув юбориларди. Биз эса носозликларни аниқлаб олиб, камчиликларни бартараф этардик. Аммо жорий йилда ана шу ишлар амалга оширилмади. Қаттиқ совуқ бошлангач, кутилмаганда иссиқ сув келди. Биз эса ҳеч нарсага улгуролмадик, — дейди ширкатлардан бирининг раиси Абдумўмин Алимов.  

Очиғини айтганда, бир қатор ширкатларда шу каби важларни келтиришди. "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси масъуллари эса аксинча, август ойидаёқ синов ишлари бажарилганини маълум қилишди. Икки томоннинг гаплари икки хил. Ўртада аҳоли совуқдан қийналяпти. 

Аслида муаммонинг илдизи яна ҳам чуқурроққа ўхшайди. Биламизки, ҳар йили 15 ноябргача аҳолини иссиқлик билан таъминлаш бўйича шаҳар ҳокимининг фармойиши чиқади. Бу йил эса "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси мутасаддилари маълум қилишича, фармойиш ҳали ҳам эълон қилингани йўқ экан. Модомики шундай экан, соҳада қишки мавсумга тайёргарликнинг қай даражада бўлганини англаш қийин эмас.

— Бу соҳанинг анча оғир аҳволга келиб қолганини яширмаймиз, — дейди "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси раҳбари Ёқуб Қурбонов. — 18 миллиард сўмлик дебитор қарздорлик, янгиланиши лозим бўлган қанча ускуналар ва бошқа кўплаб муаммолар борлигига қарамай, корхона фаолиятини сақлаб қолиш ва кенгайтириш ҳаракатидамиз. Корхонамиз томонидан шаҳардаги 776 та кўпқаватли уйга иссиқлик етказилиши керак. Амалда эса 176 та кўпқаватли уйга иссиқлик узатяпмиз. Ўзимизга боғлиқ бўлмаган бир қатор омиллар ана шу уйларга ҳам тўлиқ иссиқлик беришга тўсқинлик қиляпти.

Дарҳақиқат, шаҳарнинг кўп қисми бугунги кунда иссиқлик таъминотидан маҳрум. Мисол учун, тармоқдаги қувурларда учраётган муттасил носозлик, электр таъминотидаги узилишлар оқибатида шаҳарнинг Темирйўл вокзали атрофидаги кўпқаватли уйларга иссиқлик берилмайди. Фарҳод шаҳарчаси эса аллақачон "Иссиқлик манбаи" балансидан чиқиб кетган. Кимёгарлар шаҳарчасида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашганимизда, бу ердагилар иссиқлик нима эканини эсдан чиқариб юборишганига гувоҳ бўлдик. 

Дарвоқе, бундан бир ойча олдин Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари билан суҳбатлашганимизда шаҳарнинг тўртта ҳудуди, жумладан, Кимёгарлар шаҳарчасидаги бир қанча уйлар учун локал қозонхоналар қурилаётгани, 15 ноябргача улар ишга тушиши режалаштирилгани маълум қилинган эди. Афсуски, Кимёгарлар шаҳарчасида локал қозонхона фаолият юритаётгани у ёқда турсин, ҳали қурилиш ишлари ҳам бошланмаган экан. Бир ой олдинги хушхабардан боши кўкка етган аҳолига ким, қандай изоҳ бергани бизга қоронғу. 

Умуман, бу ҳудудда сўнгги марта 2007 йилда иссиқлик бўлган. 2013 йилда айрим кўпқаватли уйларга берилган иссиқлик газ босими пастлиги сабабли яна тўхтаб қолган-у шу билан бугунги кунгача иссиқлик масаласи ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.

Шу ўринда вилоят ҳокимининг жорий йил 20 октябрдаги фармойишига эътибор беринг. Мазкур ҳужжатда "Ижтимоий соҳа объектларига ва аҳоли яшаш уй-жойларига, шунингдек, "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси тизимидаги иситиш қозонхоналарига етарли босимда табиий газ, электр энергияси қуввати ва сув билан таъминлаш вазифалари юклатилсин", дея аниқ кўрсатилган. Аммо фармойишнинг худди шу банди бажарилмаслиги бор-йўғи 176 та кўпқаватли уйга ҳам иссиқлик етказишда қўшимча муаммоларни юзага келтиряпти. Шуни ҳисобга олсак, айни вақтда, ҳақиқатда нечта уйда иссиқлик бор, ҳеч ким билмайди.

— Қозонхонамиз Сартепа масканидаги 90 та кўпқаватли уй, туризм коллежи ҳамда Самарқанд автомобиль заводига иссиқлик етказиб беради, — дейди "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонасига қарашли "Автоваз" қозонхонаси раҳбари Ражаб Ҳасанов. — Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан иссиқлик етказа бошлаган кунимиздан электр энергиясида муттасил узилишлар бошланди. 24 ноябрга ўтар кечаси электр энергияси кечаси соат 24:00 да ўчиб, эрталаб 06:05 да ёнди. Лекин бу вақтда барча қувурларимиздаги сув музлаб, бутун тизим ишдан чиқиб бўлган эди. Бу аҳволда аҳолига ҳам, ижтимоий соҳа объектларига ҳам иссиқлик етказишнинг мутлақо иложи йўқ!

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Хабарингиз бор, бу йил вилоятимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик баҳордан бошланган эди. Вилоят миқёсидаги йиғилишларда деярли йил давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик тилга олинди. Тайёргарлик ишларини 1 сентябрга қадар тугаллаш қайта-қайта уқтирилди. Аммо биз жуда кўплаб уйлар ертўласида, "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонасига қарашли ер ости ва ҳаво орқали ўтган қувурларда носозликларга гувоҳ бўлдик. Ҳатто термоизоляция қилинмаган қувурлар ҳам оз эмаслигини кўрдик.

Иссиқлик таъминотидаги бу каби муаммолар эса бошқа коммунал хизматларга ҳам таъсирини бир ҳафталик паст ҳарорат давомида кўрсатиб бўлди. Буюк Ипак йўли кўчасидаги 26 ва 30-кўпқаватли уйларда бир ҳафта олдин зўриқиш туфайли ер ости электр узатиш кабели ишдан чиққан, шунча кундан буён аҳоли электр энергиясидан ҳам маҳрум. Аҳоли шаҳар электр тармоқлари корхонасига ҳам, вилоят электр тармоқларига ҳам мурожаат қилди. Худди шундай ҳолат шу кўчадаги 62, 64, 66, 68 ва 70 уйларда Али Қушчи кўчасидаги 4-уйда ҳам мавжуд. Совуқ тушиб, электр энергиясига эҳтиёж ортгач, тармоқда узилиш юзага келди. Бир ҳафта давомида ҳар қандай мурожаатнинг фойдаси бўлмаяпти.

Очиғини айтганда, иссиқлик бўлмас экан, бу каби муаммоларга истаган ҳудудда дуч келаверасиз. Бир нарсани тушуниб олайлик, электр энергияси ёруғлик учун, табиий газ овқат пишириш учун ва иссиқлик ўз номи билан — уйни иситиш учун! Токи буни англаб, ҳаммасидан ўз ўрнида фойдаланмас эканмиз ҳали кўп муаммоларни енгишга тўғри келади.

Янгиликлар лентаси
0